Умумий йиғилиш унда Ширкат аъзоларининг ёки улар вакилларининг эллик фоиздан кўпроғи қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Умумий йиғилишда ҳар бир кўп квартирали уйдаги турар жой мулкдорлари ёки улар вакилларининг камида эллик фоизи қатнашиши керак. Ширкат аъзолари умумий йиғилишини ўтказиш учун кворум етарли бўлмаган тақдирда Ширкат бошқаруви Ширкат аъзолари умумий йиғилиши ўтказилишининг янги санаси ва вақтини белгилайди, бу ҳақда Ширкатнинг барча аъзолари қўшимча равишда огоҳлантирилади. Ширкат аъзоларининг янги белгиланган умумий йиғилиши илгари қолдирилган умумий йиғилишдан 10 кундан кечикмай ўтказилади.